Олтиариқда танишидан 41 млн сўмлик узум сотиб олиб, пулини бермаган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида танишидан 41 миллион сўмлик узум сотиб олиб, пулини бермаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 4 август куни фуқаро Й.М. таниши Х.Қ.нинг ишончига кириб, нархи 41 миллион сўм бўлган узум олган ва бир кун муддатда пулларни олиб келиб беришини айтган. Aммо берган ваъдасини бажармасдан, меваларни бошқа шахсга сотиб юборган. Сотувдан тушган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўқонда автосалондан «Damas» олиб чиқиб бериш эвазига танишини 5000 долларга «ухлатган» шахс ва Қувасойда фирибгарлик содир этиб терговдан яширинган аёл қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Шунигдек, Фарғонада ўғрилик қилиб, терговдан яширинган шахс ҳамда Фарғонада тўрт кишини салкам 1,5 миллиард сўмга «ухлатган» шахс ушлангани маълум қилинди.

Янгиликлар