Қўқонда 6,8 млн сўмлик чой маҳсулотларини сотиб олиб, пулини бермаган шахс қамоққа олинди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида танишидан 6,8 млн сўмлик чой маҳсулотини фирибгарлик йўли билан ўғирлаган шахс ушланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Қўқон шаҳрида 2020 йилнинг 11 апрель куни фуқаро Қ.С. таниши Д.A.нинг ишончига кириб, чой маҳсулотини 6 862 800 сўмга сотиб олишга келишиб, пулларни 10 кун муддатда беришини айтиб, чой маҳсулотларини олган. Сўнгра у берган ваъдасини бажармасдан алдов йўли билан қўлга киритган чой маҳсулотини бошқа шахсга сотиб, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Aввалроқ Қўқонда 1 500 000 сўмлик велосипедни ўғирлаган йигитга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Попда 650 килограммга яқин кўмир ўғирлаганлар қўлга олингани хабар қилинган.

Янгиликлар