Қўқонда 1,5 млн сўмлик велосипедни ўғирлаган йигитга жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида қаровсиз қолдирилган нархи 1,5 миллион сўмлик велосипедни ўғирлаган болага жиноят иши қўзғатилди, деб хабар бермоқда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Қўқон шаҳрида 6 сентябрь куни вояга етмаган А.Н. «Авғонбоғ» жоме масжиди олдида қаровсиз қолдирилган М.С.га тегишли, нархи 1,5 миллион сўмлик «Gigant» русумли велосипедини ўғирлаб кетган.

Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳри Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Марғилонда 800 минг сўмлик, Қўқонда 5 миллион сўмлик, Фарғонада 1,5 миллион сўмлик велосипедларни ўғирлаган фуқароларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар