Марғилонда 800 минг сўмлик велосипедни ўғирлаган шахс қўлга тушди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида қиймати 800 минг бўлган велосипедни ўғирлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Марғилон шаҳри «Ўрдатаги» МФЙ ҳудудида яшовчи Ю.Л.нинг хонадонига 13 cентябрь, якшанба куни номаьлум шахс яширин тарзда кириб ўғрилик содир этган.

Маълум бўлишича, ушбу шахс М.М. бўлиб, у Ю.Л.нинг яшаш хонадонига дарвоза орқали ғайриқонуний равишда кириб, ҳовлисида бўлган нархи 800 минг сўмлик «Batavrus» русумли велосипедини яширин равишда ўғирлаб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳри ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда сейфни бузиб, 50 миллион сўмдан ортиқ пулни ўғирлаб кетган шахс ва фуқаронинг уйидаги сандиқдан 28 миллион сўмдан ортиқ пул ўғирлаган шахслар қўлга олингани хабар қилинганди.