Қўқонда қаровсиз қолдирилган 5 млн сўмлик велосипедни ўғирлаган фуқаро аниқланди

Фарқона вилояти Қўқон шаҳрида 26 август, чоршанба куни нарҳи 5 миллион сўмлик велосипедни ўғирлаб кетган фуқаро қўлга олинди. Бу хақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 26 август куни номаълум шахс Парпашабоф кўчасида жойлашган савдо дўкони ёнида қаровсиз қолдирилган «Alu city star» русумли, нархи 5 миллион сўмлик велосипедини яширин равишда ўғирлаб кетган. Ушбу ҳолат бўйича фуқаро М.М. ўша куни Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

«Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Х.В. содир этганлиги аниқланиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Фарғонада қаровсиз қолдирилган 1,5 миллион сўмлик велосипедни ўғирлаган шахсга жиноят иши қўзғатилгани, Ургутда «Москвич» ҳайдовчиси велосипеддаги 5 ёшли болани уриб юборгани, Фарғонада велосипед ўғирлаган шахс қамоққа олингани ҳамда Қувасойда хонадондан велосипед ўғирлаб кетган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар