Ургутда «Москвич» ҳайдовчиси велосипеддаги 5 ёшли болани уриб юборди. Бола шифохонада вафот этган

Самарқанд вилояти Ургут туманида 17 август, душанба куни ҳайдовчи велосипеддаги 5 ёшли болани уриб юборди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, 17 август куни соат тахминан 16:00 атрофида Ургут тумани «Ипакли» маҳалласининг ички йўлида Ургут тумани «Аълохотин» маҳалласида яшовчи 1991 йилда туғилган М.А. ўзининг «Москвич-412» автомашинасини Ипакли—Жозмон йўналиши бўйлаб бошқариб келаётган бўлган. Шу вақтда йўлни кесиб ўтаётган велосипеддаги З.Ш.ни уриб юбориб, йўл транспорт ҳодисасини содир қилган.

Таъкидланишича, 5 яшар бола олган тан жароҳатлари оқибатида Ургут туман Тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Ҳолат бўйича туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда «Spark» автомашинасини бошқариб кетаётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган ҳайдовчи 1 ёшли болани уриб юборгани, Жиззаҳда 2 ёшли фарзандини заҳарлаб, 8 ёшли ўгай ўғлини мунтазам қийнаб келган отага жиноят иши қўзғатилгани ҳамда 2 ярим ёшли болани уриб ўлдирган Миллий гвардия ходими 19 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар