Туркманистонда аёллар «репродуктив зўравонликка» дуч келаётгани маълум қилинди

Туркманистонда аёллар «ўз танасига хўжайинлик қилиш»дан маҳрум қилингани ва «репродуктив зўравонлик»га учраётгани маълум қилинди.

Келтирилишича, туркманлар ўзининг янги тайинланган президенти Сердар Бердимуҳамедов отасидан кўра илғорроқ йўл тутишига умид қилган, бироқ улар қаттиқ адашган.

«2022 йил апрель ойидан бошлаб ҳукумат аёллар танаси устидан назоратни бутунлай янги босқичга кўтарди: абортни деярли тақиқлади, бир қатор косметик хизматларни чеклади, шунингдек, уларнинг машина олд ўриндиқларига ўтиришини ҳам тақиқлади. Бундан ташқари, эркак такси ҳайдовчиларга аёлларни ташиш чекланди», дейилади хабарда.

Ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, Туркманистонда ҳомиладорликни тўхтатиш хизматларидан фойдаланиш имконияти 12 ҳафтадан 5 ҳафтагача чекланган. Ҳукумат 2015 йилда амалда қабул қилинган қонунни жамоатчилик билан маслаҳатлашмасдан, яъни яширинча эълон қилган. Ушбу қонун абортни тақиқлайди, ҳомиладорликнинг 5-ҳафтасида эса кўпчилик аёллар ҳомиладорлигини ҳатто билмайди.

«Шу сабаб баъзи аёллар ҳомиладорликни ўз хоҳишига қарши давом эттиришга мажбур бўлади. Бошқаларнинг эса тизимдан ўтиш ва тиббий комиссиядан процедура учун рухсат олишдан бошқа чораси қолмайди, бу эса жиддий тиббий ёрдамни кечиктириб, уларни катта хавф остига қўяди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, аборт тўғрисидаги қонунлар бор мамлакатларда яшовчи аёллар ва қизларнинг ўлиш эҳтимоли кўпроқ бўлади. Зеро, ҳомиладорликни қонуний равишда тўхтата олмаган аёллар ушбу процедурани ноқонуний равишда амалга оширадиган шифокорни излашга мажбур бўлади.

Экспертларнинг қайд этишича, Туркманистондаги ушбу «репродуктив мажбурлаш ҳаракати» аёлларни фақат она, поклик, гўзаллик ва ҳаё тимсоли сифатида қадрлайдиган «зарарли гендер стереотиплар»дан келиб чиққан.

«Аммо ҳамма нарсанинг замирида назорат ётади. Аёллар фақат туғиш, соғлом ватанпарварларни тарбиялаш ва шу тариқа анъанавий оилавий қадриятларни сақлаб қолиш қобилияти билан қадрланмоқда. Аёлларга нисбатан репродуктив зўравонлик давлат оммавий ахборот воситаларида аёлларни 8 нафар фарзанд кўришга чақирувчи тарғибот, шунингдек, муносабатлар ва жинсий тарбиянинг етишмаслиги билан қўллаб-қувватланмоқда. Бундан ташқари, аёлларнинг 50 фоизи контрацептив воситалардан фойдаланиш имкониятига эга эмас ва яқинда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, аёлларнинг деярли 60 фоизи соғлиқни сақлаш, контрацепция ва жинсий алоқага розилик каби масалалар бўйича мустақил қарор қабул қила олмайди», дейилади ҳисоботда.

Қайд этилишича, Туркманистонда аёлларга иккинчи даражали фуқаро сифатида қаралади. Аёллар ва қизлар «тана автономиясидан» маҳрум бўлиб, жинсий ва гендер зўравонликка, бокиралик тестларига, мажбурий никоҳга дуч келади. ЮНИCЕФ ва «TurkmenStat» (MICS) маълумотларига кўра, 15–49 ёшли туркман аёлларининг 59 фоизи эр ўз хотинини калтаклашга ҳақли деб ҳисоблайди. Мамлакатда оилавий зўравонлик тўғрисида қонун мавжуд эмас, унинг олдини олиш механизмлари ва миллий дастурлар ҳам йўқ. Аёлларнинг қўллаб-қувватлашни кутадиган жойи ҳам йўқ ва шу боис улар учун жим туриш ҳамда зўравонликка дош бериш хавфсизроқдир.

Хулоса ўрнида, ҳуқуқ ҳимоячилари Европа Иттифоқи мамлакатлари, шунингдек, бошқа халқаро ташкилотларни «аёллар ҳуқуқларига қарши бундай очиқ-ойдин ҳужумлар қаршисида ўтирмасликка», унинг ўрнига мавжуд барча сиёсий воситалардан фойдаланишга ҳамда Туркманистон ҳукуматига босим ўтказишга чақирган.

Янгиликлар