Туркманистонда ўқитувчиларнинг президент сиёсатини қўллаб-қувватлаши мажбурий этиб белгиланди

Туркманистон Таълим вазирлиги ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш тартибини тасдиқлади, унда улар президент сиёсатини қўллаб-қувватлашга мажбур экани кўрсатилган.

Ҳужжатнинг муқаддимасида давлат раҳбари тилга олинган. Унда фармон «ёш авлодни Туркманистон халқига, ватанига, президентига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш» мақсадида тасдиқлангани айтилган. Бундан ташқари, ҳужжатда иккинчи, биринчи ва энг юқори касбий тоифаларни олиш учун ўқитувчиларга қўйиладиган талаблар рўйхати келтирилган. Дастлабки икки тоифада «президентнинг таълим ислоҳотларини амалга ошириш» етарли бўлса, олий тоифада ўқитувчидан «Туркманистон президентининг ташқи ва ички сиёсатини қўллаб-қувватлаш» шартлиги келтирилган.

Ҳужжатга кўра, ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш «ютуқларга мувофиқ иш ҳақини тўлаш мақсадида» амалга оширилади. Болалар боғчалари, умумтаълим мактаблари, етим болалар муассасалари, ногирон болалар учун ихтисослаштирилган муассасалар, мактабдан ташқари тўгараклар ва секциялар, шунингдек, бошқа таълим муассасалари, тил ва ўқув марказлари ходимлари ҳар беш йилда бир марта касбий билимларини синовдан ўтказиши шарт.

Олий таълим муассасалари ходимлари, шунингдек пенсия ёшига етган ходимлар ўз хоҳишига кўра аттестациядан ўтиш ёки ундан воз кечиш ҳуқуқига эга.

Янгиликлар