Фарғонада 100 нафар хотин-қиз қўшимча грант асосида талабаликка қабул қилинди

Фарғона вилоятида 100 нафар хотин-қиз қўшимча грант асосида талабаликка қабул қилинди. Бу ҳақда Марғилон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Марғилон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йил 15 октябрь куни Марғилон шаҳридаги Драма театрида вилоят миқёсида тавсияномаларга эга бўлиб, олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида қабул қилинган 100 нафар хотин-қизларга вилоят ҳокими совғаларини топшириш маросими бўлиб ўтган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги «Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга мувофиқ, тавсияномалар қуйидаги мезонлардан бири асосида берилган:

  • кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;
  • шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар;
  • ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;

Маросимда вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилноза Эргашева талабаларга вилоят ҳокимининг совғалари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосарининг табрикномаларини топширган.

Фото: Марғилон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мингбулоқда грант асосида ўқишга кирган 5 нафар қизга сертификат берилганди. Шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институтига 13 нафар хотин-киз имтиёз асосида талабаликка қабул қилингани хабар қилинганди.

Янгиликлар