Риштонда «ГАЗ-53» уриб юборган пиёда шифохонада вафот этди

Фарғона вилояти Риштон туманида 14 октябрь куни «ГАЗ-53» русумли автомашина ҳайдовчиси пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Хабарга кўра, фуқаро Т.В. «ГАЗ-53» русумли автомашинасини «Бўжай» маҳалласи ҳудудида бошқариб кетаётиб, йўл четида кетаётган вояга етмаган пиёда Д.М.ни уриб юборган. Оқибатда  Д.М. тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Риштон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Маълумот учун, ушбу моддага кўра айбдор деб топилган фуқаро етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Сурхондарёда юк машинаси белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган фуқарони босиб кетгани, Ўзбекистон туманида «Lacetti» уриб юборган пиёда шифохонада вафот этгани хабар қилинган эди.