Сурхондарёда юк машинаси белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган фуқарони босиб кетди (видео)

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида 12 октябрь куни фуқаро Ж.Б. «MAN TGS 40.400» русумли юк машинасида белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган Г.A.ни босиб кетди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум бўлишича, Жарқўрғон тумани «Дўстлик» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4П-102 автомобиль йўлининг 1-километрида «MAN» юк машинаси ҳайдовчиси светофорнинг қизил чироғида тўхтаб, яшил чироқда ҳаракатланаётганда фуқаро Г.A.ни уриб юборган. Оқибатда Г.A. бош ёрилиши, бел соҳаларининг шикастланиши каби тан жароҳатларини олиб, шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жарқўрғон тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Сурхандарё вилояти Ички ишлар бошқармаси

Туман ЙҲХБ матбуот хизматининг қўшимча қилишича, ҳайдовчи Б.Ж. 2019 йилнинг 8 октябрь ҳамда 2020 йилнинг 25 апрель кунлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси 1-қисми билан қоида бузиб, жарима тўламаган. Шунингдек, фуқаро Б.Ж. бир йил давомида йўл транспорт ҳодисасини содир этмаган.

Aввалроқ Учқўрғонда трактор тиркамасига осилиб, йиқилган 9 ёшли бола шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон туманида «Lacetti» уриб юборган пиёда шифохонада вафот этгани хабар қилинган.

Янгиликлар