Риштонда «Nexia-2»га уланган тиркама чиқиб кетиши оқибатида йўловчилардан бири ҳалок бўлди

Фарғона вилояти Риштон туманида «Nexia-2»га уланган тиркама чиқиб кетиши оқибатида бир нафар йўловчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Хабарга кўра, воқеа 12 октябрь куни Пастки-Бешкапа қишлоғи ҳудудида содир бўлган. Маълум қилинишича, фуқаро И.У. «Nexia-2» автомашинасини мазкур ҳудудда ҳайдаб кетаётганида унга уланган тиркама чиқиб кетган. Шунингдек, тиркама йўл четидаги дарахтга урилган. Бунинг оқибатида тиркамада бўлган бир нафар йўловчи ҳалок бўлган, яна бир йўловчи тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Риштон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс етти йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Аввалроқ Қувасойда «Tico»нинг ағдарилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлгани, Фарғонада 19 ёшли йигит экскаваторда пиёдани уриб юбориши оқибатида 68 ёшли пиёда воқеа жойида вафот этгани ҳамда Бувайдада 2 та «Nexia-2» ва велосипед иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, велосипед ҳайдовчиси касалхонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар