Вобкентда маст ҳолда «Matiz» ўғирлаб, ЙТҲ содир этган эркак ушланди
Бухоро вилояти Вобкент туманида «Matiz»ни ўғирлаб кетиб, ЙТҲ содир этган 23 ёшли йигит қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро вилоятида 2020 йил 3 октябрь куни соат 23:30да 23 ёшли Ш.С. спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда Вобкент тумани, Ўба Кулолон кўчасидаги айланма йўлнинг четки қисмида турган кулранг «Matiz» машинасини ўғрилаб кетган. Машина 20 ёшли И.Х. га тегишли бўлган.
Қайд этилишича, автомашинанинг эшиклари қулфланмаган ва ўт олдириш қисмида калити қолдириб кетилган бўлган. Ш.С. мазкур автомашинани олиб қочиб, Шофиркон тумани «Бобоато» МФЙ қишлоғи ҳудудидан ўтувчи йўлда йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Вобкент тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ш.С. га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Учкўприкда «Мatiz» трактор тиркамасига урилиши оқибатида 17 ёшли йигит тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилганди. Шунингдек, Тошлоқда вояга етмаган бола ЙТҲ оқибатида вафот этгани хабар қилинганди.