Шавкат Мирзиёев ижтимоий тармоқлардаги энергетика соҳаси билан боғлиқ муаммолар ўринли эканини таъкидлади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 декабрь куни ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалалари танқидий таҳлил қилинмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, бу йил қиш эрта тушиб электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда иссиқлик таъминотида тез-тез узилишлар бўлди. Бу вазият тармоқлар ва ҳудудларнинг қиш мавсумига тайёр эмаслигини яққол кўрсатиб берган. Шунингдек, бензин нархининг ошиши ҳам аҳолида норозилик келиб чиқишига сабаб бўлгани айтилган.
«Менга баландпарвоз гаплар ва рақамлар керак эмас. Жойлардаги раҳбарларнинг ишлари натижасига ижтимоий тармоқларда халқимиз ўзи холис баҳо бермоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.
Таъкидланишича, йиғилишда соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, энергия ресурслари таъминотини яхшилаш чоралари муҳокама қилинмоқда. Бундан ташқари қиш мавсумида тармоқ ва ҳудудларда узлуксизликни таъминлаш учун суткасига 10-12 миллион киловатт-соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилган. Бу қувватни «Тошкент», «Сирдарё», «Янги Aнгрен» электр станцияларидаги 900 мегаваттли 5 та энергоблокни ишга тушириш ҳисобидан таъминлаш бўйича топшириқ берилган.
Маълум қилинишича, узилишларга, асосан, тақсимловчи тармоқларнинг 60 фоизи эскиргани ҳамда электр энергиясига талабнинг ошиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Шу боис паст ва ўрта кучланишли тармоқларни босқичма-босқич модернизация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, ижросига тезроқ киришиш зарурлиги таъкидланган.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airways чипталарининг нархини арзонлаштириш бўйича топшириқ бергани хабар қилинган эди.