Ўзбекистонда чет эл валютасини сотиб олиш кўрсаткичи 3 баробарга ошди

Ўзбекистон аҳолисининг чет эл валютасини сотиб олиш бўйича кўрсаткичи 2019 йилнинг мос даврига нисбатан уч баробарга ошди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, жисмоний шахслар томонидан банкларда сотиб олинган валюта ҳажми эса 3,3 миллиард долларга тенг бўлиб, ушбу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 баробар ошган (2019 йилнинг мос даврида — 1,2 миллиард доллар).

Қайд этилишича, ушбу маблағларнинг 79 фоизи аҳоли томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали нақд кўринишда ҳамда 21 фоизи ёки 687 миллион доллар муқобил тартибда (онлайн конверсия, автоматлаштирилган айирбошлаш банкоматлари ва ҳоказо) харид қилинган.

«Ушбу операциялар бўйича ижобий сальдо (соф таклиф) 350 миллион долларга етди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан Сурхондарё ва Тошкент ҳокимликларига 60 млн доллар кредит ажратилгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Ўзбекистонда октябрь ойида кузатилган инфляция миқдори маълум қилинган.