Самарқандда март—октябрь ойларида 165 та банкомат ўрнатилди

Самарқанд вилоятида пандемия даврида 165 та банкомат ўрнатилди. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида ташкил этилган брифингда Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Сувонқулов айтиб ўтди.

Маълум бўлишича, брифингда вилоят банк тизимида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берилган. Ҳозирда вилоятда 73 та банк филиали, 110 та банк хизматлари маркази ва минибанклар, 98 та валюта айирбошлаш шохобчаси, 119 та 24/7 режимда ишлайдиган шохобчалар доимий режимда фаолият кўрсатади.

Шунингдек, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини камайтириш юзасидан вилоятда 340 та «Humo» тизимидаги, 224 та «UzCard» тизимидаги, умумий 564 та банкомат етарли миқдордаги нақд пул маблағлари билан узлуксиз таъминланмоқда. Улардан банк хизматлари фойдаланувчилари 20 мартдан 26 октябрга қадар 2,8 триллион сўм маблағ чиқим қилинди.

«Бу миқдор ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 триллион сўмга ортиқ ёки икки баробарга кўп. Вилоятда банкоматлар тармоғини янада кенгайтириш мақсадида март—октябрь ойларида 165 та банкомат ўрнатилди. Йил якунигача яна 42 та банкомат ўрнатилади», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, апрель—октябрь ойларида ажратилган онлайн кредитлар 15 миллиард сўмни, жалб қилинган онлайн омонатлар 61 миллиард сўмни ташкил этгани маълум қилинган. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоиз ҳамда 59 фоизга ортган.

Аввалроқ Чортоқ туманини ривожлантириш учун Жаҳон банки томонидан 40 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиши, Иштихонда эҳтиёжманд фуқароларга иссиқхона фаолиятини ташкил этиш учун 1 миллиард сўмдан ортиқ субсидия берилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар