Иштихонда эҳтиёжманд фуқароларга иссиқхона фаолиятини ташкил этиши учун 1 млрд сўмдан ортиқ субсидия берилди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида кам таъминланган, эҳтиёжманд ва камбағал оилаларнинг ишсиз аъзоларига шахсий ва дала томорқасида енгил типдаги иссиқхона қуриши учун жами 1 миллиард сўмдан ортиқ субсидия берилди. Бу ҳақда Иштихон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Иштихон туманида 500 нафар кам таъминланган ва эҳтиёжманд, камбағал оилаларнинг ишсиз аъзоларига шахсий ва дала томорқасида енгил типдаги иссиқхона қурилиши учун, экин экишга уруғлар ва кўчатлар харид қилиниши, суғориш воситаларини ҳарид қилиш учун 1,1 миллиард сўм субсидия маблағлари берилган. Шундан, енгил типдаги иссиқхона қуриш учун 369 нафар фуқарога 822,8 миллион сўм, маҳсулотлар экишга уруғлар ва кўчатлар харид қилиш учун 3 нафар фуқарога 6,69 миллион сўм, суғориш воситаларини харид қилиш учун 128 нафар фуқарога 285,4 миллион сўм субсидия ажратилган.

Туманда камбағалликдан чиқариш бўйича Хитой тажрибасидан келиб чиққан ҳолда 266 гектар ер майдонида ташкил этилган 8 та қишлоқ хўжалиги кооперативларига 355 нафар ишсиз, меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар жалб этилиб, уларнинг кооперативлардаги пайи (улуши) учун 791,6 миллион сўм субсидия ажратилган. Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш мақсадида 5 нафар тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз фуқароларга давлат рўйхатидан ўтиш, кредит олишда суғурта полиси тўлови ва тадбиркорликка ўқитиш учун 1,1 миллион сўм субсидия берилган.

Бундан ташқари, туманда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази орқали 81 нафар ишсиз ёшлар ва аёлларни 8 та йўналиш — сантехник, аёллар ва эркаклар сартарошлиги, ошпазлик, қандолатчилик, автомобилларни таъмирлаш, пайвандчилик, чилангарлик каби бўйича касбга ўқитиб, ишга жойлашишига кўмаклашилган.

Маълумот ўрнида, юқоридаги ишлар Президентнинг 2019 йил 5 мартдаги ПҚ-4227-сон «2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилган.

Аввалроқ Қамашида эҳтиёжманд аҳоли учун 1000 дан зиёд иссиқхона қуриб берилиши ва Қоровулбозорда 79 миллиард сўмлик лимончиликка ихтисослаштирилган иссиқхона қурилиши хабар қилинганди.

Кейинчалик Жарқўрғонда «темир дафтар»га киритилган оилалар учун 5 мингта иссиқхона қуриб берилиши ҳамда Сўхда қиймати 2,2 миллиард сўм бўлган иссиқхона қурилиши маълум қилинган.

Янгиликлар