Сўхда қиймати 2,2 млрд сўм бўлган иссиқхона қурилади (фото)
Фарғона вилояти Сўх туманидаги «Ҳазратилло» хусусий фирмаси томонидан қиймати 2,2 миллиард бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш мақсадида лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Сўх туманини 2020—2021 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш мақсадида «Ҳазратилло» хусусий фирмаси томонидан қиймати 2,2 миллиард сўм бўлган «Замонавий иссиқхона ва музлатгич хизматини ташкил этиш» инвестисия лойиҳаси амалга оширилади. Сумманинг 700 миллион сўми тадбиркорнинг ўз маблағи ва 1,5 миллиард сўми банк кредит маблағлари ҳисобланади.
Лойиҳани амалга оширилиши натижасида 40 нафар янги иш ўринлари яратилади.
«Aйни кунда иссиқхонани бунёд этиш ишлари поёнига етиб бораяпти. Биз берилган имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйдик, чунки иссиқхоналар Сўхнинг пурвиқор тоғлари этагида жойлашган. Aсосий мақсадимиз йил ўн икки ой аҳолини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари балан таъминлашдан иборат», — дейди «Ҳазратилло» хусусий фирмаси раҳбари Бобожон Эралиев.
Aввалроқ Жарқўрғонда «темир дафтар»га киритилган оилалар учун 5 мингта иссиқхона қуриб берилгани ҳақида хабар берилганди.