Жарқўрғонда «темир дафтар»га киритилган оилалар учун 5 мингта иссиқхона қуриб берилади (фото)

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида «темир дафтар»га киритилган — кам таъминланган, эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оила вакиллари учун 5 мингта иссиқхона қуриб берилади. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, қурилаётган 2 сотихли иссиқхоналарнинг ҳар бири «темир дафтар»га киритилган оилаларга берилади. Лойиҳанинг қурилиш ишлари июнь ойида бошланган бўлиб, ҳозирда асосий устунларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

«Бу ерларда илгари тепаликлар бўлиб, нотекис жой бўлган, уни текислатдик. Шу ерда қурилаётган 2 сотихли иссиқхоналарнинг ҳар бири «темир дафтар»га киритилган оилаларга берилади. Бу лойиҳани амалга ошириш фикри бизда Чортоқ туманида бўлганимизда пайдо бўлди. Ҳар бир иссиқхонага махсус 50—55 литрлик сув бочкалари ўрнатилади ва ер томчилатиб сўғорилади», — дейди Жарқўрғон тумани ҳокими Зиядулла Давлатов.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Жарқўрғон туманида 2020 йил 10 сентябрь ҳолатига кўра, «темир дафтар»га киритилган оилалар сони 4021 тани ташкил этади. Шу пайтга қадар бандлиги таъминланган, даромад манбайи яратилганлиги сабабли Халқ депутатлари кенгашлари қарори ва фуқароларнинг шахсий мурожаатига асосан 2914 та оила камбағаллик рўйхатидан чиқарилган.

Хусусан, туманнинг «Истиқлол» маҳалласида яшовчи Абдурашид Сафаров пандемия даврида оилавий аҳволи қийинлашиб қолгани сабабли туман ҳокимлигига ёрдам сўраб, мурожаат қилган. Шундан сўнг унга бир марталик 1 миллион сўм ёрдам пули ва оилавий ҳолатини яхшилаб олиш учун Ёшлар гузаридан ижарага ошхона ажратиб берилган. Маҳалла раисининг сўзларига кўра, оила ҳозирда даромад манбайига эга бўлгандан сўнг ўз хоҳиши билан «темир дафтар»дан чиқарилган.

Фото: «Tez News»

«Нурли диёр» маҳалласида яшовчи Матлуба Норматованинг турмуш ўртоғи 5 йил олдин вафот этган. Ўша пайтдан буён 4 нафар фарзанди билан ёлғиз яшаб келган. Оила бўқувчисини йўқотган сифатида «темир дафтар»га киритилганидан сўнг уларга 2 миллион сўм пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хонадоннинг таъмирдаш ишларида ҳамда ногиронлиги бўлган фарзандининг даволаниши учун ёрдам кўрсатилган.

Фото: «Tez News»

«Турмуш ўртоғим вафот этган пайтда уйимиз жуда хароб аҳволда эди, қулаб тушаман дерди. Маҳалладан одамлар келиб, уйимни таъмирлашда ёрдам беришди. Бир бош қорамол, бир бош қўй, товуқ беришди. 2019 йил декабрь ойида савдо мажмуасида фаррош бўлиб ишга жойлашдим. Шу ёрдамни берган, аҳволимизнинг яхшиланишида ҳисса кўшганларга катта раҳмат айтаман», — дейди Матлуба Норматова.

Фото: «Tez News»

Аввалроқ Қаршида 5 гектарга яқин мош майдони «темир дафтар»даги фуқароларга тақсимлаб берилгани ҳамда Қамашида эҳтиёжманд аҳоли учун 1000 дан зиёд иссиқхона қуриб берилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар