Ўзбекистон тумани ҳокими қиймати 5 млрд сўм бўлган иссиқхона қурилишини кўздан кечирди (фото)

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ҳокими Қаҳрамон Жўраев ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи Бахтиёр Нажмиддинов қиймати 5 миллиард сўм бўлган иссиқхона қурилишини кўздан кечирди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, туманнинг «Ҳотамтой» маҳалласидаги 2,5 гектар ўзлашмаган ер майдонида лимончилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ривожлантириш мақсадида томчилаб суғориш технологияси асосида барпо этилаётган замонавий иссиқхонанинг сўнгги қурилиш ишлари давом этмоқда.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, «Аср болажонлари» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа қурилиши учун «Туронбанк» томонидан 3 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган ва ташаббускор тадбиркор ўз маблағи ҳисобидан 2 миллиард сўм сарфлаш режалаштирилган.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Корхона раҳбарининг сўзларига кўра, иссиқхонага экиш учун экспортбоп 3250 тупдан ортиқ лимон ҳамда 50 минг туп помидор кўчатлари тайёрланмоқда. Бундан ташқари, иссиқхона ўз фаолиятини бошлагач, 50 та иш ўрни яратилиш қайд этилган.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, лойиҳада маҳсулот етиштиришнинг ўртача йиллик ҳажми 200 тоннани ташкил этади. Шунингдек, етиштирилган лимон ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ички бозор билан биргаликда экпортга ҳам йўналтирилиши, хусусан, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларига юборилиши ҳамда йилига 200 минг долларлик экспорт амалиётлари бажарилиши кўзда тутилган.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Лойиҳа 2020 йилнинг ноябрь ойида ишга тушиши режалаштирилган.

Бундан аввал Қамашида эҳтиёжманд аҳоли учун 1000 дан зиёд иссиқхона қуриб берилиши ва Қоровулбозорда 79 миллиард сўмлик лимончиликка ихтисослаштирилган иссиқхона қурилиши хабар қилинган эди.

Кейинчалик Жарқўрғонда «темир дафтар»га киритилган оилалар учун 5 мингта иссиқхона қуриб берилиши ҳамда Сўхда қиймати 2,2 миллиард сўм бўлган иссиқхона қурилиши маълум қилинган.

Янгиликлар