Сурхондарёда 2 шахс нодавлат университет ташкил қилиб, 18 кишининг пулини ўзлаштирганлиги айтилмоқда

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ўқишга киритиш ва ўқишни кўчириб беришни ваъда қилган фирибгарлар аниқланди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жарқўрғон туман бўлими томонидан вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган.

Олиб борилган текширувлар давомида фирибгарлик жинояти учун сиртдан айб эълон қилиниб, қидирув эълон қилинган шахс ва яна бошқа бир фуқаро ўзаро тил бириктиргани маълум бўлган.

Шунингдек, 2022 йилда МЧЖ шаклидаги нодавлат университетини ташкил этишиб, ушбу муассасада ўқиш истагини билдирган 18 нафар фуқаронинг жами 152,9 млн сўмини қўлга киритишиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликлари аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Денов туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро қўшни Тожикистон Республикасида таҳсил олаётган 21 нафар талабанинг ўқишини юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кўчириб бериш эвазига жами 15 300 долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Янгиликлар