Ўзбекистонда Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти ташкил этилади

«Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.

Фармон билан 2023—2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланган.

Стратегия доирасида судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш одил судловни таъминлашнинг вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Фармонга кўра, судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш чоралари белгиланади.

Қуйидагилар Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси этиб белгиланган:

  • Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;
  • туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари.

Олий Суд тизимида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти ташкил этилади.

Шунингдек, 2023—2026 йилларга мўлжалланган суд тизимининг ахборот сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади.

Шавкат Мирзиёев 2022 йил 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказганди. Ўшанда судьялар олий мактабини тубдан ислоҳ қилиш, туман ва вилоят судлари учун мол-мулк, оила, солиқ, меҳнат муносабатларига ихтисослашган судьялар тайёрлаш муҳимлиги таъкидлан эди. Шу билан бирга, Судьялар ҳамжамиятининг ваколатларини кучайтириш, судьялар сонини босқичма-босқич кўпайтириш таклифи маъқулланган.

Ўзбекистонда сўнгги олти йилда ноҳақ айбланган 4 минг кишига оқлов ҳукми чиқарилган, 26 мингдан зиёд шахс суд залидан озод қилинган, 47 минг фуқарога нисбатан терговда қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган. Мамлакатда ҳар йили ўртача 1 миллион 500 минг аҳоли судларга мурожаат қилади. Вилоят судлари қабул қилган қарорлардан норози бўлиб, 2022 йил бошидан буён 18 минг фуқаро Олий судга келган.

Янгиликлар