Сенатор контракт миқдорини талабанинг моддий таъминоти даражасидан келиб чиқиб белгилашни таклиф қилди

Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов ОТМлардаги контракт миқдори ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Унинг маълум қилишича, бугунги кунда белгиланган контракт миқдори ўқитишнинг ўртача 68 фоиз харажатларини қоплайди. Шунинг учун контракт тўловлар минимал харажатларини ҳам қоплай олмаётганлигига қарамасдан, аҳолининг тўлов қобилияти пасайишини ҳисобга олиб, талабалар учун енгиллик яратиш мақсадида амалдаги контракт миқдори бўйича барча талабаларга 10 фоиз чегирма берилишини ижобий баҳолаш лозим.

Шунингдек, қўмита раиси етим, чин етим, ногирон бўлган талабаларга ҳамда «темир дафтар» рўйхатидаги оиладан бўлган талабаларга контракт тўловларини қоплаш учун манзилли моддий ёрдам кўрсатилиб, 4 миллион сўмгача молиявий ёрдам кўрсатилиши белгиланганини эслатиб ўтган.

Одилжон Иминов барча талабаларнинг моддий таъминоти даражасидан келиб чиқиб, уларга контрактдан чегирмалар белгилашни табақалаштирилган усулда амалга оширилишини таклиф қилган. Чунки у айрим талабалар учун уларнинг моддий ҳолатига нисбатан – нафақат чегирма миқдори, балки бутун контракт миқдори ҳам сезиларли таъсир этмагани ҳолда, бошқалари учун контрактнинг 10 фоизини тўлаш ҳам – ҳозирги шароитда оғирлик қилиши мумкин, деган фикрни илгари сурмоқда.

Бундан ташқари, контракт суммаларини ва унга чегирмаларни вазирлик эмас, балки мустақил юридик шахс сифатида фаолиятини юритувчи таълим муассасаси раҳбариятининг ўзи моддий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда белгилаши кераклигини, фақат ижтимоий нуқтаи назардан чегирмалар учун маблағлар етишмаган ҳолатдагина таълим муассасаси раҳбарияти субсидиялар учун вазирликка мурожаат этиши лозимлигини қайд этган.

Бунга қўшимча қилиб, 2020/2021 ўқув йили учун мамлакатдаги ОТМларнинг бакалавриат босқичига 162 364 та ўрин ажратилгани, лекин 1 миллион 484 минг нафар абитуриент ҳужжат топширгани натижасида 1 миллион 321 мингдан ортиқ талабгор «кўчада қолиши» кутилаётганини келтириб ўтган. Шу ўринда «кўчада қолиши» кутилаётган ёшларга рухан ва маънан кўмак бериш учун олий таълим муассасалари имкониятини кенгайтириш орқали сиртқи, кечки, масофавий каби таълим турлари бўйича қўшимча квоталар ажратишини таклиф қилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ОТМнинг кундузги шаклида ўқийдиган талабаларга тўлов-контракт учун 10 фоиз чегирма белгилангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар