Ўзбекистон ОТМларида кундузги таълим шаклида ўқийдиган талабаларга тўлов-контракт учун 10 фоиз чегирма берилади

Олий ва ўрта маълим вазирлиги жамоатчилик томонидан пандемия шароитида олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш нархларини оптималлаштириш борасида билдирилган кўплаб мурожаатларни ҳисобга олиб, ОТМларда кундизги таълимда ўқийдиганлар учун тўлов-контракт миқдори 10 фоизга туширилишини маълум қилди.

Хабар берилишича, пандемия шароитида аҳолининг тўлов қобилияти пасайишини ҳисобга олиб, бугунги кунда белгиланган базавий тўлов-контракт миқдорлари ўқитишнинг минимал харажатларини қоплай олмаётганлигига қарамасдан, фарзанди тўлов-шартнома асосида ўқийдиган оилаларга енгиллик яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги 2020/2021 ўқув йилида амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори учун кундузги шаклда ўқийдиган барча талабаларга 10 фоиз чегирма берилади.

Шу билан бир қаторда, олий таълим муассасалари томонидан етим, чин етим, ногирон бўлган талабаларга ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, «темир дафтар» рўйхатидаги оилалар фарзандлари бўлган талабаларга контракт тўловларини қоплаш учун манзилли моддий ёрдам кўрсатилади. Бунда олий таълим муассасалари мавжуд маблағлари ҳисобидан талабаларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, 4 миллион сўмгача молиявий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

«Бундан ташқари, Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва олий таълим муассасаларида тўлов-контракт шакли асосида ўқиётган 4 000 нафардан зиёд талабага шартнома миқдорининг 35 фоизини тўлаш орқали моддий ёрдам кўрсатилади. Ушбу моддий ёрдам бир талабага бир йилда 2 400 000 сўмдан 3 400 000 сўмгача миқдорни ташкил этади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, олий таълим муассасаларида таълим олиш (ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўловларга йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғидан озод қилинган бўлиб, бунда бир нафар талаба учун контракт тўлаган оилага бир йилда 770 000 сўмдан 1 177 000 сўмгача маблағ даромад солиғидан имтиёз шаклида қайтади.

Тўлов-шартнома асосида ўқийдиган талабаларга шартнома шартларини бажаришда бериладиган чегирмалар ҳисобига давлат бюджетига ортиқча юк тушмаслиги учун олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига тегишли харажатлар нормативлари қайта кўриб чиқилади ҳамда уларда қўшимча таълим хизматларни кўрсатиш ҳисобига бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилиш орқали чегирма харажатларини қоплаш чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ОТМларида контракт миқдори туширилмаслиги айтилганди.

Янгиликлар