Чегара тўсиғи устидан Қирғизистонга 180 минг доллар улоқтирмоқчи бўлган андижонлик ушланди

Андижонлик фуқаро 180 минг долларни чегара тўсиғи устидан Қирғизистонга улоқтирмоқчи бўлди.

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Хўжаобод тумани «Янги Фарғона» МФЙдаги чегараолди ҳудудда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида маҳаллий фуқаро Х.Н. 180 минг АҚШ долларини чегара тўсиғи устидан улоқтириш орқали қўшни Қирғизистонга ўтказмоқчи бўлганида ушланган.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, Х.Н. 200 минг сўм эвазига ушбу чет эл валютасини давлат чегарасидан ўтказиб бериши керак бўлган.

Ҳозирда Х.Н.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, хорижий валютанинг ҳақиқий эгасини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда хориждан қайта олиб чиқиб кетиш шарти билан киритилган «Mercedes»ни сотмоқчи бўлган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.