Тошкентда хориждан қайта олиб чиқиб кетиш шарти билан киритилган «Mercedes»ни сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди
Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси томонидан Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбир Aдлия вазирлиги томонидан 2010 йил 19 ноябрда қабул қилинган «Божхона чегарасида олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низоми доирасида ўтказилган.
Тадбир давомида фуқаро У.Б. қўшни давлат фуқароси У.Ж. томонидан мажбуриятнома асосида қайтариб олиб чиқиб кетиш шарти билан олиб кирилган, қиймати 300 миллион сўм бўлган кулранг «Mercedes-Bez E 350» русумли автомашина рангини қора рангга ўзгартирган. Сўнгра мазкур машинани сотаётган вақтида қўлга олинган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракаталари давом эттирилмоқда.
Aввалроқ Фарғонада «Lacetti»ни ижарага олиб, 12,5 минг долларга сотиб юборган шахс ва Ўзбекистонда мобиль қурилмаларни IMEI тизимидан ноқонуний рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманганда 200 миллион сўмдан ортиқ пора олаётган «фермер» ҳамда Aндижонда салкам 170 миллион сўмлик кучли таъсир қилувчи дориларни машина эшигига яширган шахс ушлангани маълум қилинган.