Ўзбекистонда мобиль қурилмаларни IMEI тизимидан ноқонуний рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Ўзбекистонда мобиль қурилмаларни IMEI тизимидан ноқонуний рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш борасида олиб борилган тадбирлар натижасида рўйхатдан ўтмаган мобиль қурилмаларни давлат чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларнинг номларига ноқонуний йўллар билан рўйхатга қўйиш, шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб ҳамда улардан фойдаланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган.

Қайд этилишича, мамлакат фуқароси О.A. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтиб, у ерда мамлакатга кириб келаётган Ўзбекистон фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга олган. Сўнгра олинган паспорт маълумотларини Telegram ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобиль қурилмаларни IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келган.

Қўлга олинган фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида телефон хотирасида мамлакат фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги ва у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, шериги О.A.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 доллардан ҳақ олганлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Жиноят кодекси 141²-моддасининг 2-қисми «а» ва «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов органига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда мобиль қурилмаларнинг IMEI кодлари билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар юзасидан баёнот берилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Давлат божхона қўмитаси IMEI кодни рўйхатдан ўтказишда юзага келаётган муаммолар юзасидан муносабат билдирганди.

Янгиликлар