Давлат божхона қўмитаси IMEI кодни рўйхатдан ўтказишда юзага келаётган муаммолар юзасидан муносабат билдирди
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда IMEI кодни рўйхатдан ўтказиш бўйича вужудга келаётган муаммолар юзасидан тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда фуқаролар томонидан хориждан олиб кирилган шахсий мобиль қурилмалари кодини Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш вақтида уларнинг номига бошқа мобиль қурилмаларини огоҳлантиришсиз расмийлаштирилган. Бунда паспорт маълумотлари учинчи шахсларга турли хизмат ходимлари томонидан тақдим этилган бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан текширув тайинланган. Бу каби ҳолатларга дуч келган фуқаролардан қисқа рақамли ишонч телефони — 11-08 га мурожаат қилиш сўралади.
Таъкидланишича, республика иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона назоратини амалга ошириш, контрабанданинг олдини олиш божхона органларининг вазифаси ҳисобланади.
Маълумот учун, юқоридаги ҳолат бўйича ўтказиладиган текширув натижалари юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан қўшимча ахборот берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мобиль қурилмаларнинг IMEI кодлари билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар юзасидан баёнот берганди.