Ўзбекистонда мобиль қурилмаларнинг IMEI-кодлари билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар юзасидан баёнот берилди

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мобиль қурилмаларни рўйхатга олиш бўйича расмий баёнот берди.

Унда учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда мобиль қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари кузатилаётгани қайд этилган.

Баёнотда мобиль қурилмалар IMEI кодларини рўйхатга олиш тизими Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 847-сонли «Ўзбекистон Республикасида мобиль қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сонли «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобиль қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорларига асосан жорий этилгани таъкидланган.

Низомга асосан, мобиль қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахслар учун рўйхатдан ўтказишни онлайн (веб-сайт, Ягона Интерактив давлат хизматлари портали), масофавий (SMS/USSD-сўровлар) ёки рўйхатдан ўтказиш пунткларига шахсан мурожаат этиш орқали амалга ошириш имкониятлари яратилган.

Бунда шахснинг паспорт маълумотлари, телефон рақами ва мобиль қурилманинг IMEI-кодини тақдим этиш талаб қилинади. Рўйхатдан ўтказиш учун тақдим қилинаётган мобиль қурилмаларнинг Давлат божхона қўмитаси томонидан ўрнатилган божсиз олиб кириш нормаларига риоя этилганлигини текшириш мақсадида шахснинг паспорт маълумотларига асосан фуқаронинг Ўзбекистон божхона чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар текширилади. Ушбу ишларни амалга ошириш учун Тизим оператори ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.

Бироқ рўйхатдан ўтказиш масофавий ёки онлайн тарзда амалга оширилаётганида фойдаланувчи билан шахс ўртасида контакт бўлмаслиги сабабли фуқароларнинг паспорт маълумотларини айнан шу шахснинг ўзи ёки бошқа шахс томонидан тақдим қилинаётганлигини тизим орқали аниқлаш имкони бўлмайди. Шу сабабли ҳозирда учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда мобиль қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда.

Учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларини киритган ҳолда ноқонуний равишда олиб кирилган мобиль қурилмаларни рўйхатдан ўтказилиш ҳолатларини олдини олиш ва ушбу ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган шахсларни аниқлаш мақсадида Тизим оператори томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган. Бугунги кунда тергов суриштурув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Россиянинг технологик компанияларидан бири Наманганда туризм соҳаси учун сунъий интеллект жорий этиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар