Россиянинг технологик компанияларидан бири Наманганда туризм соҳаси учун сунъий интеллект жорий этади
Наманган вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази», вилоят Туризмни ривожлантириш бошқармаси ҳамда Россиянинг «iVoice Technology» компанияси ўртасида Наманган вилояти туризм соҳасига сунъий интеллектни жорий этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди, деб хабар берди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, Наманган вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» ДУК томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага асосан «iVoice Technology» Наманган вилоятидаги туризм субъектларида, хусусан, меҳмонхона ва дам олиш масканларида овозни таниш хизмати имкониятларини кўрсатиб берувчи технологияларни жорий этади.
Маълумотларга кўра, дастлабки босқичда компания мутахассислари онлайн тарзда вилоятдаги туризм субъектлари раҳбарлари учун соҳага оид ўз мавжуд технологиялари ҳамда дастурларини тақдим қилади. Шундан сўнг маҳаллий тадбиркорларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, вилоят учун махсус кўп тилли технология концепцияси ишлаб чиқилади. Сунъий интеллект технологияларини ўзида жорий этишни мақсад қилган тадбиркорлик субъектларига қисман субсидия ажратиш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
«Ушбу ҳамкорликни ҳуқуқий мустаҳкамлаш учун Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ‘Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази’, вилоят Туризмни ривожлантириш бошқармаси ҳамда Россиянинг дунёга машҳур ‘iVoice Technology’ компанияси ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми тайёрланмоқда», дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, компания билан Наманган вилояти ҳамкорлиги 2019 йилда бошланган бўлиб, 13—14 сентябрь кунлари вилоятда илк бор ўтказилган йирик халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми доирасида вилоят ҳокимлиги ва «iVoice Technology» ўртасида вилоятдаги тиббиёт муассасаларида овозни таниш хизмати имкониятларини кўрсатиб берувчи умумий қиймати 100 минг АҚШ долларигача бўлган технологияларни бепул жорий этиш бўйича инвестицион келишув имзоланган.
Аввалроқ АҚШ Ўзбекистонга умумий қиймати 2,5 миллион доллар бўлган 200 та ўпкани сунъий шамоллатиш мосламаси жўнатгани ҳақида хабар берилганди.