АҚШ Ўзбекистонга умумий қиймати 2,5 млн доллар бўлган 200 та ўпкани сунъий шамоллатиш мосламаси жўнатди
АҚШдан Ўзбекистонга умумий қиймати 2,5 миллион доллар бўлган 200 та ўпкани сунъий шамоллатиш мосламасини юборилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши кураш чораларини қўллаб-қувватлаш учун тақдим этилган тиббий жиҳозлар Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси томонидан Оқ уй маъмурияти, АҚШ Давлат департаменти ва Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакиллари билан ўтказилган қатор маслаҳатлашувлар натижасида Ўзбекистонга жўнатилган.
Маълум қилинишича, асбоб-ускуналар тиббий технология ва дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича 40 йилдан ортиқ тажрибага эга Американинг «Zoll Medical Corporation» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.
Қайд этилишича, ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш муассасаларининг техник инфратузилмасини ҳисобга олган ҳолда махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилган. Воситалар стационар даволанишда, ҳаво тиббий транспортида ёки тез ёрдам машиналарида ташиш пайтида интенсив терапия учун ишлатилади.
Калифорния университети амалиётчилари мосламаларнинг COVID-19 билан касалланганларни даволашда, шу жумладан, бемор нафас олишда қийналганда ва касалликнинг оғир босқичларида самарали эканини тасдиқлаган. Шунингдек, ушбу қурилмалар ўпкани сунъий равишда шамоллатишнинг турли усулларидан фойдаланиш, турли ёшдаги беморлар ҳаётий функцияларини қўллаб-қувватлашга имкон беришии таъкидланган.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси берган маълумотга кўра, ушбу мосламалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатнинг барча минтақаларидаги 62 та тиббиёт муассасаси ўртасида тақсимланади.
Аввалроқ Туркия ва Италия компаниялари Ўзбекистонга инсонпарварлик юкларини жўнатгани хабар қилинган эди. Шунингдек, ЖССТ Ўзбекистонга қиймати 300 минг долларга тенг инсонпарварлик юкининг навбатдаги партиясини етказиб бергани маълум қилинган эди.