Туркия ва Италия компаниялари Ўзбекистонга инсонпарварлик юкларини жўнатди

Туркия ва Италия компаниялари Ўзбекистонга ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратларини тақдим этди. Бу ҳақида «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Маълумотларга кўра, аппаратлар Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси ёрдамида Бельгиядаги Льеж шаҳрига, сўнг «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси махсус юк ташувчи самолётида Ўзбекистонга етказилди.

Туркиянинг «Çalık Holding» ва Италиянинг «Pietro Fiorentini» компанияси томонидан юборилган инсонпарварлик юклари Германиядан тўғридан-тўғри сотиб олиниб, Ўзбекистонга етказилган.

Маълумот учун, коронавирус билан боғлиқ пандемия шароитида Европа—Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси сўнгги бир ойда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларига қиймати 75 минг евродан ортиқ тиббий асбоб-ускуналар кўринишидаги инсонпарварлик юкларини етказиб берди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида мамлакатга умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларидан юқори бўлган юклар етказиб берилди. Ўз ичига юз учун 619 400 та ҳимоя қалқончаси ва 2 176 000 дона жарроҳлик ниқобини олган биринчи партия 8 июлда етиб келди. 17 июлда тиббий ходимлари учун қуйидаги шахсий ҳимоя воситалари қабул қилинди: 95 200 дона ҳимоя кўзойнаги, 178 000 дона ҳимоя комбинезони, 12 000 дона жарроҳлик ниқоби ва 1 064 000 дона KN95 респиратор ниқоби. 24 июлда пойтахтга 38 400 дона тест-тизими ва бошқа лаборатория асбоб-ускуналари етказиб берилди.

Aввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун 95 миллион доллар ажратиши маълум қилинган эди. Кейинчалик Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратиши хабар қилинди.

Янгиликлар