Наманганда 200 млн сўмдан ортиқ пора олаётган «фермер» қўлга тушди
Наманганда 29 август куни 10 минг доллар ҳамда 100 миллион сўм пора олаётган сохта фермер қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, Косонсой туманида яшовчи хусусий тадбиркор 29 август куни Наманган вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 25 август куни ўзини фермер хўжалиги раҳбари деб таништирган «Aваз» исмли шахс билан танишгани ва унга бино қуриш учун ер қидириб юрганини айтган. Шундан сўнг «Aваз» исмли сохта фермер тумандаги «Зарбдор» МТП ҳудудида 28 сотих ер майдонини кўрсатган.
Aйтилишича, у ушбу ер майдонини 100 минг долларга сотишини, 50 минг долларни олдиндан берса, Наманган тумани ҳокимлигида ишловчи танишлари билан учраштиришини айтганини маълум қилган.
Фуқаронинг аризасига асосан 29 август куни вилоят ИИБ ЖҚБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ташкил этилди.
Қайд этилишича, тадбирга холислар ва 10 минг AҚШ доллари ҳамда 100 миллион сўм пуллар жалб этилиб, эксперт криминалистика бўлими ходимлари томонидан пулларга кимёвий усулда пора ёзувлари туширилган.
Таъкидланишича, шу куни Наманган шаҳри Гўзал даҳасидаги ошхоналардан бирида «Aваз» исмли шахс фуқародан 10 минг доллар ва 100 миллион сўм пулларни пора беришга далолат қилиб фирибгарлик йўли билан олган вақтида қўлга олинган.
Маълум қилинишича, суриштирув ишлари давомида ушбу шахснинг исми «Aваз» эмаслиги ҳамда унинг ҳеч қандай фермер хўжалиги ва ҳокимликка даҳли йўқлиги маълум бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўқон давлат педагогика институти ёшлар етакчиси ва факультет декани пора олаётган вақтда ушлангани ҳамда Бўстон адлия бўлими мансабдори 3 минг доллар пора олаётган вақтда қўлга тушгани ҳақида хабар қилинганди.