Наманганда 80 ёшли отахон 77 ёшли турмуш ўртоғи билан никоҳдан ўтди

Наманган шаҳар 2-сонли Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органида 16 ноябрь, душанба куни 80 ёшли отахон Маҳмуджон Мирзабоев 77 ёшли турмуш ўртоғи Райҳона Усмонова билан никоҳдан ўтди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, 1940 йил Наманган шаҳрида туғилган Маҳмуджон Мирзабоев 1943 йилда туғилган Райҳона Усмонова билан шаръий никоҳдан ўтиб, ҳаёт кечирган. Лекин шу вақтга қадар улар қонуний никоҳдан ўтмаган. Орадан 55 йил вақт ўтиб, Наманган шаҳар 2-сонли ФҲДЁда уларнинг никоҳи расмийлаштирилган.

Наманган вилоят Давлат хизматлари марказининг маълум қилишича, ҳужжат ишларини ўз вақтида битирмай, орадан йиллар ўтгач, никоҳ гувоҳномасини олган фуқаролар ҳозирда кўпчиликни ташкил этади. Шундай оилалардан яна бири Наманган шаҳрида истиқомат қилаётган 59 ёшли Пак Геронтий ҳамда 55 ёшли Динара Aбдураҳмоновналар ҳисобланади. Улар ҳам 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида никоҳ гувоҳномасисиз яшаб келган.

Aввалроқ Фарғона шаҳрида олти фарзандли оила никоҳи 30 йилдан сўнг расман қайд этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар