Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг волонтёрлик ҳақида билдирган фикрининг тўлиқ талқини эълон қилинди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 16 ноябрдаги ҳоким ва ёшлар учрашувида волонтёрлар ҳақида гапирган гаплари ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўз саҳифасида шаҳар ҳокимининг фикрларига эътироз билдириб, «Тошкент шаҳрини ҳокимият эплолмай қолганида айнан шу волонтёрлар ҳаётини хавф остига қўйиб, одамлар дардига малҳам бўлгани» ҳақида ёзган.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати юқорида баҳсга сабаб бўлган видеолавҳанинг тўлиқ версиясини эълон қилди.

Учрашувда турли волонтёрлик ҳаракатларини бирлаштирадиган федерация ёки ассоциацияси тузиш таклиф қилинган. Ушбу таклифга жавобан Жаҳонгир Ортиқхўжаев қуйидагича фикр билдирган.

«Мен охирги пайтда бироз шубҳаланяпман. Нотўғри айтаётган бўлсам, Худо кечирсин. Волонтёрлик ҳаракатидан шубҳаланишни бошладим. Нимага? Бизлар ҳокимият ташкил қилган тадбирларда волонтёр еткиза олмаяпмиз. Тушунтира олдимми?

Лекин товар, пул олиш, PayMe’дан пул ўтказиб бериш, кимнидир нимасига олиб бориб беришга ҳаддан ташқари волонтёрлар кўпайиб кетмоқда. Бир нарсани тўғри тушунинглар, сал шубҳага боряпман охирги пайтлар. Волонтёрлик касбми, ҳақиқатан ёрдам беришми ёки бундан даромад олишми? Фарқига етолмаяпман. Тушунтира олдимми?

Мисол учун, COVID марказида волонтёрлар ишлади, волонтёрмиз деб келди. Лекин 8 миллиондан пул олди. Тушунтира олдимми? Барака топсин, раҳмат. Ишлаганларга менинг эътирозим йўқ. Лекин волонтёр бўлса, нега ҳақ сўраяпти? Волонтёр тушунчаси нима дегани? Кўнгилли ишчи дегани. Бу худди касбга ўхшаб кетяпти.

Лекин мен биронта волонтёрни уйда ётган қариянинг оёғига тоғорача тутиб, совунлаб ювиб қўйганини кўрмадим. Улар қаердандир ‘счётʼ очади, PayMe’дан пул тушади, нимадир йиғади, оборади, кўрсатади. Тушуниб етмаяпман. Икки хил волонтёрлар бор, тушунишим бўйича.

Ёшлар шу қарияни қаергадир, магазинга олиб бориб келай, ҳожатига ёрдам қилай, оёғини ювиб қўяй, сочини тараб қўяй, сочини ювиб қўяй, дейиши мумкин, уйида ётган аёллар бор. Ҳеч шуни кўрганим йўқ.

Ҳаммаси сумка-сумка нарса олиб ташлаш билан овора. Шунга менинг озгина шубҳам бор. Минг узр сўрайман, агар нотўғри гапириб қўйган бўлсам. Буни бир кўриб чиқишимиз керак.

(Волонтёрлик ассоциацияси ташкил қилинса) Унда ҳам кимдир айтади, ‘Ман волонтёрлик қилмоқчиман, энди шундан ҳам пул ишламоқчими давлат, шуни ҳам қўлига олибдиʼ, деб ҳам гапирадиганлар кўп бўлади. Ўзингиз яхши биласиз. Волонтёрлик хизматлари бўйича чуқур кўриб чиқишимиз керак. Бу енгил ўйлайдиган нарса эмас.

Ман волонтёр деганда ёшларни ичида қийин вазиятларда қарияларга ёрдам берадиганларни тушунаман. Лекин бу пул йиғиб, пул тарқатиб юриш, билмайман, ман мисол учун, тўғриси тушунмаяпман бу нарсаларга. Бир ўрганиб чиқамиз. Узр сўрайман. Мен ҳам одамзодман, ҳамма нарсани тушуна олмайман», – дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Аввалроқ Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентда «Media City» қуришни таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар