Бош вазир ўринбосари Ўзбекистонда коронавирус беморлари деярли қолмаганини маълум қилди

Тошкент шаҳрида 18 декабрь куни бўлиб ўтаётган «Тошкент ёшлар форуми—2020» тадбирининг очилиш маросимида бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Ўзбекистон коронавирусга қарши қандай курашганига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Kun.uz»

Қайд этилишича, давлат раҳбари касаллик аниқланган биринчи кундан бошлаб масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйган.

«Биронтамизга тинчлик бермадилар, бир кун ҳам дам бермадилар. Асосий мақсад – халқимиз соғайиб кетсин. Пандемия даврида соғлиқни сақлаш тизимига шунчалик кўп пул берилдики, қиёсий маънода буни 30 йил давомида тизимга ажратилган маблағдан ҳам кўпроқ бўлди, деб айтиш мумкин.

Дунёнинг исталган нуқтасидан шу касалликни даволаш учун керак бўлган дорилар етказиб келинди. Хориждан мутахассислар олиб келинди. Натижада бугун Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар деярли қолмади», — дейди Беҳзод Мусаев.

Маълумот учун, 17 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони 75 675 кишини ташкил қилмоқда. Шундан 72 961 киши соғайган, 600 дан ортиқ бемор вафот этган. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 2102 нафар бемор даволанмоқда, шундан 169 нафари оғир, 33 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 25 декабрдан карантин чекловлари қайтиши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритилганди. Шунингдек, Ўзбекистондаги мактабларда арча безатиш ва янги йил байрамини нишонлаш тақиқлангани хабар берилганди.

Янгиликлар