Ўзбекистонда 25 декабрдан карантин чекловлари қайтиши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритилди

Ижтимоий тармоқларда 25 декабрдан карантин чекловлари қайтиши, мактаб, боғча ва савдо-сотиқ ярмаркаларининг ишлаши чекланиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бу хабарга манба қилиб «Kun.uz» нашрига ҳавола берилган.

Фото: «Tez News»

Ҳуқуқшунос-блогер Хушнуд Худойбердиевнинг аниқлик киритишича, бу хабарлар тасдиғини топмаган. Нашрга ҳавола кўрсатилган хабар умуман бошқа мазмундалиги қайд этилган.

Жумладан, хабарларда тарқатилган бу ҳаволага кирилганда «‘Янгиариқдан келдим, у йўл йўл эмас’ — Мирзиёев Хоразм йўлларини яхшилаш бўйича топшириқ берди» сарлавҳали хабар очилади.

«Қайсидир чаласавод ёлғон маълумот тарқатса, дарров ишониб кетавермасдан, озгина текширишни ҳам ўрганайлик, илтимос. Бугунги ахборот асрида бунақа ёлғон хабарлар кўп тарқалади, шунинг учун ўзимизда ҳам озгина иммунитет ҳосил қилишимиз, ёлғонни ростдан ажрата олиш кўникмамизни шакллантириб боришимиз керак.

Лекин фейк хабардаги битта гап тўғри: илтимос, ниқобсиз юрманг, ниқоб тақишни ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ!», — деб ёзади Хушнуд Худойбердиев.

Аввалроқ Буюк Британияда коронавируснинг янги тури — COVID-21 аниқлангани ва дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 70 миллиондан ошгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар