Андижон шаҳар суди олдида блогер очлик эълон қилди

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди олдида ўзини блогер дея таништирган Фотима Жўраева суд ишидан норози бўлиб, очлик эълон қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар қилди.

Фото: Telegram

Маълум бўлишича, «Uz dong yang» қўшма корхонаси собиқ мутасаддиларига оид жиноят ишида адвокатларнинг судланувчиларни эҳтиёт чорасини ўзгартиришга оид илтимосномаси моддий зарар қопланмагани боис рад этилган. Ўзини блогер деб таништирган Фотима Жўраева ўз норозилигини билдириш учун суд биноси олдида очлик эълон қилган.

Кенгаш ушбу жиноят ишида Жўраева бирор тараф ҳисобланмаслиги, у судда фақат блогер сифатида иштирок этиши мумкинлиги ҳамда қатнашиб келаётганини қўшимча қилган.

Шунингдек, Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров ушбу ҳолатга муносабат билдириб, аёлнинг бундай хатти-ҳаракатини ҳуқуқий малакаси ва маданияти етишмаслиги дарак беришини айтиб ўтган.

«Адвокатларнинг илтимосномаси ва аризаси қаноатлантирилмаганига норозилик сифатида блогер очлик эълон қилмоқда. Унинг бундай хатти-ҳаракатини нафақат ҳуқуқий малакаси ва маданияти етишмаслиги, балки нохолислиги, сунъий равишда вазиятга сиёсий тус бериб, шу орқали жамоатчилик эътиборини тортган ҳолда босим ўтказиш деб ҳисоблаймиз», — деди Турсунали Акбаров.

Аввалроқ Андижонда прокуратура биноси олдида қизининг ўлими юзасидан ундирилиши керак бўлган «Spark»ни ололмаган она ўзини ёқиб юборгани ҳақида хабар берилганди.