Тошкент шаҳрида ИИБ ходими ва маст фуқаро ўртасида юзага келган жанжал бўйича маълумот берилди — видео
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маст фуқаро Миллий гвардия ва патруль пост хизмати ходимлари ўртасида юзага келган жанжал юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, воқеа 2021 йил 17 январь куни соат 13:00 атрофида Аския кўчасида содир бўлган. Патруль пост хизмати бригадаси 5-отряд 2-батальон ходими ва Миллий гвардия хизматчисидан иборат автопатрулга фуқаролар мурожаат қилишган. Фуқаролар Аския кўчасида маст эркак ва аёл жанжаллашаётганини, уларга нисбатан чора кўришни сўрашган.
Патруль пост хизмати ходимлари ва Миллий гвардия хизматчиси воқеа жойига етиб келиб, тартибсизликни тўхтатиш ҳақида маст фуқароларни огоҳлантирган. Шундан сўнг маст фуқаролар ўзини агрессив тутган ва ички ишлар бўлимига бориш талабига жавобан ходимларни ҳақорат қила бошлашган.
Мазкур фуқароларнинг шахслари аниқланди. Улар 39 ёшли Ғ.С. ва 44 ёшли аёл Ф.С. бўлган. Ушбу ҳолат бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Яккасарой тумани судига йўналтирилган.