Наманганда август-сентябрь ойларида тадбиркорларга салкам 15 млрд сўм ортиқча ҚҚС суммаси қайтарилди
Наманганда август-cентябрь ойларида 18 та солиқ тўловчига 14,9 миллиард сўм ортиқча қўшилган қиймат солиғи суммаси қайтарилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, ҳозирга қадар Наманган вилоят давлат солиқ бошқармасида 5 минг 884 та солиқ тўловчиси қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатга олинган.
Маълум қилинишича, янги тартиб бўйича солиқ бошқармаси томонидан 2020 йилнинг август-сентябрь ойларида 18 та солиқ тўловчига 14,9 миллиард сўм ортиқча қўшилган қиймат солиғи суммаси қайтарилди. Бугунги кунда яна 5 та тадбиркорлик субъектларига 8,2 миллиард сўм маблағларни қайтариш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, вилоят давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан Наманган шаҳридаги «Fabrika Nashe» МЧЖнинг 851 миллион сўмлик, «Group Impex Textile» МЧЖнинг 830 миллион сўмлик ҚҚС суммасини қайтариш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган. Шундан сўнг ушбу корхоналарга ҳосил бўлган ортиқча ҚҚС суммаларини уларнинг аризаларига асосан қайтарилган.
Маълумот учун, 1 июлдан бошлаб илк маротаба тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш механизми амалга киритилган. Уларга хизмат кўрсатиш 1 сентябрдан бошлаб ҳудудий солиқ бошқармаларига ўтказилган. Қўшилган қиймат солиғи бўйича нол ставкани қўллаш натижасида вужудга келган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш муддати 15 кундан 7 кунга қисқартирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда 6 ой давомида ерларнинг талон-торож қилиниши юзасидан 1,6 миллиард сўмлик зарар ундирилгани ҳамда Андижон шаҳрида сўнгги 8 ойда 39 миллиард сўм солиқ қарзлари ундирилгани ҳақда хабар қилинганди.