Андижон шаҳрида сўнгги 8 ойда 39 млрд сўм солиқ қарзлари ундирилди

Андижон вилояти Андижон шаҳрида сўнгги 8 ойда 39 миллиард сўм солиқ қарзлари ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими 14 сентябрь кунга қадар солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш билан боғлиқ жами 1197 та 89 миллиард 97 миллион сўмлик ижро ҳужжатини тамомланган. Мазкур ҳужжатлардан амалда 39 миллиард сўм солиқ қарзлари ундирилган. Жумладан, сентябрь ойининг дастлабки 14 кунида 1 миллиард 12 миллион сўм ундирилган.

Қайд этилишича, шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 14 апрель кунги қарорига кўра қарздор СП «Дармон» оилавий корхонасидан ундирувчи шаҳар давлат солиқ инспекцияси фойдасига 58 миллион 570 минг 550 сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўлган қарздорлигини ундириш белгиланган. Ижро ҳаракатлари давомида МИБнинг шаҳар бўлими томонидан қарздор корхона солиқ қарзларини ўз вақтида тўлаши юзасидан огоҳлантириш ва тушунтириш ишлари натижасида 11 сентябрь куни белгиланган солиқ қарзи ундирилган ва давлат фойдасига ўтказилган.

Аввалроқ Андижонда 170 миллиард сўмдан зиёд кредит қарздорлиги тўлангани ва Марҳаматда 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Қўрғонтепада юк машинаси хатлангандан сўнг 117 миллион сўм кредит қарзи тўлангани ва Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани маълум қилинди.