Шайхонтоҳурда ўсмирлар ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида бир бола пичоқланди (видео)

Ижтимоий тармоқларда Шайхонтоҳур туманида Феруза Турдиева исмли аёлнинг ўғли бир гуруҳ ўсмир йигитлар билан жанжал оқибатида пичоқлангани ва оғир жароҳат олганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бу ҳақида Ўзбекистон MTRKнинг Telegram’даги каналида лавҳа берилди.

Хабар берилишича, Шайхонтоҳур туманида жойлашган 34-мактабда жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди. Муҳокамада Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси масъул ходимлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, маҳалла фаоллари, жиноятга гувоҳ бўлганлар, жиноят сабабчилари ва уни содир этган Акбар ҳам иштирок этди.

Маълумотларга кўра, 11 август куни соат 22:00 ларда Шайхонтоҳур тумани навбатчилик қисмига Республика тез тиббий ёрдам илмий марказидан Сардор исмли шахс ўткир тиғли жисм билан оғир яраланиб мурожаат қилгани тўғрисида хабар келиб тушган. Тэзкор тергов гуруҳи ҳодиса жойида суриштирув ишларини олиб борган.

Маълум бўлишича, икки нафар вояга етмаган шахс ўзаро гап талашиб, жанжаллашиб кетган. Жасур исмли шахс билан жанжалга келган Акбархон Сардор исмли боланинг икки жойига пичоқ билан тан жароҳати етказган. Сўнг воқеа жойидан яширинган.

«Менинг фарзандим оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётибди. Ўғлимнинг дўстлари йиқилиб тушиб жароҳатланди, деб айтди. Касалхонага борганимда ички ишлар ҳодимлари кутиб олди. Кейин билишимча, Акбар исмли йигит ўғлимнинг икки жойига пичоқ тиқиб, қочиб кетибди», — деб таъкидлади Сардорнинг онаси.

Мазкур жиноят иши бўйича вояга етмаган фуқаро Акбар қонуний вакили иштирокида сўроқ қилинган. У ўз айбига иқрорлигини билдириб, кўрсатма берган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда жанжал оқибатида ука аканинг қўлини белкурак билан чопиб ташлагани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Бухорода қайнатасининг фоҳишаликда айблаб, доимий зулмларига чидолмаган келин устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юбориши оқибатида вафот этгани, шаҳрисабзлик эркак оилавий жанжал сабаб ўзи, 3 нафар фарзанди ва аёлини ёқиб юборгани ва Aндижонда эркак оилавий келишмовчилик сабаб хотини ва қизини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар