Бош прокуратура салкам 8 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганини аниқлади

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2020 йилда 7,7 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилинганини аниқлади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, прокуратура текширувлари айрим вазирликлар, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва бошқа бюджет муассасалари томонидан бу борадаги қонун ҳужжатлари тўлиқ бажарилмасдан, иш ҳақи тўловларини мақсадсиз сарфлаш, талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўйилганлигини кўрсатган.

Прокуратура органлари томонидан 2020 йил 46 та ҳолатда 7,7 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақи, нафақа ва уларга тенглаштирилган тўловлар учун ажратилган бюджет маблағлари толон-торож қилинганлиги аниқланган. Булар, асосан, Халқ таълими вазирлиги 2,8 миллиард сўм, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2,6 миллиард сўм, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 177 миллион сўм, бошқа бюджет муассасалари 1,5 миллард сўм, шунингдек, бошқа ташкилот ва корхоналар 448 миллион сўм ҳисобига тўғри келади.

Прокуратура органлари томонидан ижтимоий қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида ўтказилган мониторинг ва назорат тадбирларида қонунга зид бўлган 108 та ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш ёки қонунга мувофиқлаштириш бўйича протестлар келтирилган. Қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ваколатли органларга 74 та тақдимномалар киритилган. 451 нафар мансабдор шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 46 та жиноят иши қўзғатилган. 672 миллион сўмлик етказилган зарарлар ихтиёрий қопланган. Судларга қиймати 9,5 миллиард сўмлик 1013 та даъво аризаси киритилган ва 5,2 миллиард сўм ундирилган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги боғчаларда 48 миллиард сўмдан ортиқ пул талон-торож қилиниб, болаларга яроқсиз гўшт ва озиқ-овқат берилгани маълум бўлганди. Шунингдек, Наманганда ишсизларга ажратилган 216 миллион сўм бюджет пули талон-торож қилингани хабар қилинди.

Янгиликлар