Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги давлат хизматлари маркази ва «IT-Park»ни бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги давлат хизматлари маркази ва «IT-Park»ни бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, бу ерда «ягона дарча» тамойили асосида 130 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилади. Бинода Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, Халқ қабулхонаси, Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхона, ФҲДЁ бўлими, нотариал идора ҳам жойлашгани аҳолига қулайлик яратган. Кутиш залида китоблар жовони ташкил этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари хизматлар нархини арзонлаштириш, узоқ маҳаллалар аҳолисига сайёр ва онлайн хизмат кўрсатиш бўйича топшириқлар берган. Шу ерда Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ҳам очилган. Молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, ахборот хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган.

Бинонинг иккинчи қаватида «IT-Park» нинг Бухоро филиали жойлашган. Бу ерда ҳам ўқувчилар, ҳам талабалар, ҳам фрилансер ва дастурчилар учун зарур шароитлар яратилган. Болалар мактаб давридан ўйинлар орқали ахборот технологияларига қизиқтирилади, кейин ўқитилиб, лойиҳалар ишлаб чиқишга ўргатилади. Бу ерда ёш ҳаваскорлар, робототехниклар, веб дизайнерлар, профессионал дастурчилар йиғилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент бухоролик ёшларнинг салоҳиятини юксак баҳолаб, бу соҳа мамлакатимиз тараққиёти учун жуда муҳим эканини таъкидлаган.

«Бухоро азалдан илм-фан маркази бўлган. Бугун ҳам билимли, интилувчан ёшлар кўп. Бухоронинг IT соҳаси бўйича брендини яратиш керак. Бунинг учун барча нарса – шароит, ресурс, интеллект бор», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент «Мандэй ЛАБС» корхонасига асос солган 25 ёшли Саидравшан Шокиров, халқаро IT компаниялар билан ҳамкорликда ишлаётган дастурчи Шаҳрулло Тухсанов ва бошқа ёшлар билан суҳбатлашган. Долзарб иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича ёш дастурчиларга буюртма бериш, маблағ, энергия ресурслари ва вақтни тежовчи дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берган. Давлат раҳбари «IT-Park» даги ёшлар билан эсдалик учун суратга тушган.

«IT-Park» учун «Bukhara City» мажмуасида 9 ва 12 қаватли замонавий бинолар қурилмоқда. Мажмуада коворкинг маркази, офислар, меҳмонхона, ресторан ва спорт заллари бўлади. У ерда 700 дан зиёд иш ўрни яратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига келиб, вертолётда Олот туманига йўл олди ва табиий офатдан зарар кўрган аҳоли билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Бухородаги 65 миллион долларлик корхонани бориб кўргани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар