Шавкат Мирзиёев Бухородаги 65 миллион долларлик корхонани бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев пахта-тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, бугунги кунда мазкур кластер пахта етиштиришдан тортиб уни чуқур қайта ишлашгача бўлган барча технологик жараёнларни яхши ўзлаштирган. Хусусан, Ромитан туманидаги 8 минг гектар майдонда пахта етиштирилса, унинг толасидан ип йигириш, калавани бўяш, мато тўқиш ва кийим тикиш йўлга қўйилган. Корхона ушбу ишлаб чиқариш занжирининг охирги халқаси ҳисобланади. Уни ташкил этиш учун 65 миллион АҚШ долларидан зиёд инвестиция йўналтирилган.

Бундан ташқари, ушбу корхона илгари қаровсиз бўлиб қолган собиқ тўқимачилик комбинати ўрнида пайдо бўлган. Бу ерда битта эски бино капитал реконструкция қилиниб, 19 та янги бино ва иншоотлар барпо этилган. Германия, АҚШ, Бельгия ва Франциядаги илғор технологик линиялар, асбоб-ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган.

Давлат раҳбари корхонадаги иш жараёнини, маҳсулотлар сифатини кўздан кечирган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Жинси матолар ва маҳсулотлар чиқариш бўйича энг илғор давлатлар билан рақобат қилиш мумкин. Чунки еримиз, сувимиз, пахтамиз ўзимизники. Ишлайман деган ёшларимиз кўп. Таннархни яна пасайтирса бўлади. Лекин сифати халқаро даражада бўлса, дунёда албатта ўз ўрнини топади», — дейди Шавкат Мирзиёев.

 

Янгиликлар