«Ўзбекистонда нотариусларга никоҳни қайд этиш ҳуқуқи берилиши мумкин» — Руслан Давлетов

Ўзбекистонда нотариусларга никоҳни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи берилиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 20 июлдаги ялпи мажлисида адлия вазири Руслан Давлетов маълум қилди.

«Керак бўлса, шуни таклиф қилмоқчимизки, никоҳ тузиш ҳуқуқини нотариусларга ҳам бериш. Чунки нотариусларда ҳам жуда кучли юристлар, қийин ишдан ўтган, ҳаммасини тушунади. Улар икки томоннинг хоҳиш-иродасини тасдиқлаб, шаҳодатлай олади. Ҳеч қанақа муаммо йўқ», — дейди Давлетов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда фаолият юритаётган 200 та ФҲДЁ ўрнига 1000 та нотариусга мурожаат қилиш имконияти яратилиши мумкин. Бу ҳозир кўриб чиқилмоқда ва тегишли ҳужжатлар алоҳида тақдим этилади.

Адлия вазирлиги раҳбари, шунингдек, ФҲДЁ органларида туғилиш, никоҳ, ўлим, фамилия ўзгартиришни ягона далолатнома асосида шакллантиришни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилиётганини таъкидлаган.

Руслан Давлетов кўрсатилаётган давлат хизматлари тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтган. Унинг қайд этишича, давлат хизматлари сони 4 йил давомида 4,5 бараварга кўпайган. Хусусан, 2017 йилда уларнинг сони 37 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилда 175 та давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Ўтган давр мобайнида 40 миллиондан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган.

Янгиликлар