Жомбойдаги 7 та мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари қониқарли эмаслиги маълум бўлди

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасининг бўлим бошлиқлари ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ 21 август, жума куни Жомбой туманидаги умумтаълим мактабларининг янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Жомбой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, мазкур ўрганиш натижалари тумандаги 40-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида директорлар иштирокида муҳокама қилинган.

Тадбирда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов сўзга чиқиб, ўтган ўқув йиллари давомида Жомбой тумани таълим сифати, эришилаётган юқори натижалар бўйича вилоятда кучли учликка кирганини таъкидлаган. Бироқ 2019/2020 ўқув йилида йўл қўйилган жиддий камчиликлар сабаб ушбу кўрсаткич ўнинчи ўрингача тушиб кетган. Бу ўз навбатида, ўқитувчи ва методистлар салоҳияти, ўқувчиларнинг танлов, мусобақа, фан олимпиадалари, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларида намоён бўлаётгани қайд этилган.

Фото: Жомбой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, 6, 7, 29, 30, 38, 44 ва 51-умумтаълим мактабларида янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари якунига етган. Aммо қолган мактабларда янги ўқув йилига тайёргарлик кўрилган бўлса ҳам, ободонлаштириш ишларида камчиликка йўл қўйилган. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати қониқарсиз баҳоланган. Хусусан, 25, 31, 36, 43, 47, 49, 52-умумтаълим мактабларидаги вазият қониқарли эмас.

Якунда сусткашликка йўл қўяётган ва камчиликларни бартараф этмаётган мактаб директорлари огоҳлантирилиб, янги ўқув йили бошлангунга қадар муаммоларни бартараф этиш бўйича топшириқ берилган.

Aввалроқ Жомбой тумани халқ таълими бўлимига янги мудир тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда тест синовлари 11 кун давомида 4 та очиқ майдон ва 3 та стадионда ўтказилиши хабар қилинган.

Янгиликлар