Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 31 миллион нафардан ошди

Дунёда коронавирус пандемияси бошлангандан буён 31 миллиондан ортиқ киши COVID-19 инфекциясини юқтириб олди. «Worldometer» сайтидаги сўнгги янгиланишлар шундан далолат бермоқда.

Фото: «Unsplash»

Тошкент вақти билан соат 15:00 ҳолатига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 31 273 070 кишига етган. Беморларнинг 965 628 нафари вафот этган, 22 851 624 нафари соғайган. Aйни пайтда дунё бўйлаб ўлим даражаси 4 фоизни ташкил этмоқда. Ҳозирда 7 455 818 киши касалликдан даволанмоқда.

Скрин: «Worldometer»

AҚШ дунёда коронавирус билан зарарланиш бўйича биринчи ўринда бормоқда. Мамлакатда 7 004 990 киши вирус юқтирган. Шунингдек, Ҳиндистон 5 491 410 нафар бемор билан иккинчи, Бразилия эса 4 544 629 бемор билан учинчи ўринда турибди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 21 cентябр соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 51 789 нафарни ташкил этмоқда. Aйни пайтга қадар 47 932 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаро (93 фоиз) соғайган. Ҳозирда 3422 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Маълумот ўрнида, SARS-CoV-2 коронавируси 2019 йилнинг декабр ойида Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Ухань шаҳрида аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия деб эълон қилган.