Самарқанд халқаро аэропортида ноқонуний равишда дрон олиб кирмоқчи бўлган шахс қўлга тушди

Самарқанд халқаро аэропортида 21 сентябрь, душанба куни вилоят халқаро аэропортида ноқонуний равишда дрон олиб кирмоқчи бўлган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Самарқанд халқаро аэропортида чартер рейс орқали Внуково—Самарқанд йўналишида учиб келган фуқаро С.Б. «яшил йўлак» орқали божхона назоратидан ўтаётганда унинг хатти-ҳаракатлари божхоначиларнинг эътиборини тортган. Натижада унинг багаж сумкаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда жисмоний шахслар томонидан олиб кирилиши тақиқланган 1 дона «Sky Quest Drone» номли учувчисиз учиш аппарати борлиги аниқланган.

Фото: Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Бошқарма хабарида хозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилаётганлиги айтилган.

Маълумот учун, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуннинг 1-моддасига асосан, Жиноят кодекси 2444-моддаси тўлдирилган бўлиб, учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган.

Аввалроқ Самарқандда август ойида қарийб 460 миллион сўмга тенг 31 та божхона қонунбузилиши ҳолати аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда хориждан қайта олиб чиқиб кетиш шарти билан киритилган «Mercedes»ни сотмоқчи бўлган шахс қўлга олингани маълум қилинганди.

Янгиликлар