Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари вафот этди
Тошкент вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Баҳодир Муллахонов вафот этди. Бу ҳақида Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
«Gazeta.uz»нинг ёзишича, Баҳодир Муллаханов коронавирус инфекциясининг асоратлари оқибатида вафот этган. У Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида даволанган.
Баҳодир Муллахонов 1974 йилда туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1992—1996) ва Оклахома давлат университетини тугатган (1997—1998). Бу йиллар давомида у Марказий банк тузилмаларида, шу жумладан Марказий банкнинг Навоий ва Сурхондарё вилоятларидаги асосий бўлимлари бошлиғи лавозимида ишлаган. У «Асака» банки бошқаруви раисининг ўринбосари бўлиб ҳам фолият юритган. 2012—2020 йилларда «Қишлоқ қурилиш банк» бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.
Баҳодир Муллахонов 2020 йилнинг февралидан бери Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Аввалроқ Каттақўрғон тумани ҳокими 60 ёшда вафот этгани хабар қилинганди. Шунингдек, Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев ва Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳром Нурматов 56 ёшида вафот этгани хабар қилинди.